Қидириш   

Тарихий обидалар
08 октябрь 2014,   кўрилган: 3829

РАБОТИ МАЛИК
Тарихий обидаларКармана — Бухоро йўлида — бугунда қайта тикланган қадимий карвон йўли бўйида Работи Малик (Шоҳ Работи) карвонсаройи жойлашган. У XI асрнинг 70-йилларида Қорахонийлардан бўлмиш Шамсулмулк Наср ибн Иброҳим (1068–1080 й.) томонидан қурилган бўлиб, XII асрнинг биринчи чорагида яна шу Қорахонийлардан бўлмиш арслонхон муҳаммад ибн сулаймон (1102–1130 й.) томонидан таъмирланган.
Археологик тадқиқотлар пайтида (XX асрнинг 70-йиллари ва шу асрнинг охири — XXI аср бошлари) бу ноёб бинонинг мураккаб тузилиши аниқланди. У 100×100 м майдонни эгаллаган бўлиб, мустаҳкам деворлар билан ўралган ва икки қисмга бўлинган.
Работи Малик пештоқидан бир оз нарида сув манбаи — диаметри 13 метрча келадиган гумбаз остида карвонсаройга замондош бўлган сардоба жойлашган. Сардоба ҳовузининг айлана девори ердан 12 метр чуқурликка қадар пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, унда муздай тоза сув бутун ёз бўйи сақланган. XVI асрдаги муаллифлардан бири Работи Малик сардобасининг сувини маккадаги лазиз замзам сувига қиёслайди. Сардоба карвонсарой каби ёлғиз йўловчилар учун ҳам, бутун бошли карвонлар учун ҳам қўналға ҳисобланган.
Карвонсарой ўзининг дастлабки вазифаси эътибори билан XVIII асргача хизмат қилиб келган. унда амир темур ва унинг авлодлари, бухорода ҳукмронлик қилган сулолаларнинг хонлари, элчилар, савдо карвонлари ва сайёҳлар қўниб ўтган. Ҳофизи абрўнинг маълумотига кўра, Улуғбек 1420 йилда ушбу минтақаларда тўхтаб, қирқ кун ов қилган. XIX аср — XX асрнинг бошларида бу ерда работ номи билан маълум умри қисқагина бўлган қишлоқ ҳам шаклланган.

РАБОТИ МАЛИК САРДОБАСИ (XI В.)
Тарихий обидаларРаботи Малик пештоқидан бир оз нарида сув манбаи — диаметри 13 метрча келадиган гумбаз остида карвонсаройга замондош бўлган сардоба жойлашган. Сардоба ҳовузининг айлана девори ердан 12 метр чуқурликка қадар пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, унда муздай тоза сув бутун ёз бўйи сақланган. XVI асрдаги муаллифлардан бири Работи Малик сардобасининг сувини маккадаги лазиз замзам сувига қиёслайди. Сардоба карвонсарой каби ёлғиз йўловчилар учун ҳам, бутун бошли карвонлар учун ҳам қўналға ҳисобланган.
Карвонсарой ўзининг дастлабки вазифаси эътибори билан XVIII асргача хизмат қилиб келган. унда амир темур ва унинг авлодлари, бухорода ҳукмронлик қилган сулолаларнинг хонлари, элчилар, савдо карвонлари ва сайёҳлар қўниб ўтган. Ҳофизи абрўнинг маълумотига кўра, Улуғбек 1420 йилда ушбу минтақаларда тўхтаб, қирқ кун ов қилган. XIX аср — XX асрнинг бошларида бу ерда работ номи билан маълум умри қисқагина бўлган қишлоқ ҳам шаклланган.

ДЕГГАРОН МАЖМУАСИ (XI В.)
Тарихий обидаларКармана шаҳрининг 30 км ғарбидаги ҳазора қишлоғининг ёнида Мовароуннаҳрдаги энг қадимги масжидлардан бири — Деггарон масжиди жойлашган. Унинг қурилиш даври XI аср бошларидан нарига ўтмайди. Бу бино Зарафшоннинг сўл қирғоғида, эндиликда вайрон бўлган, лекин илгари яхши мустаҳкамланиб қурилган қадимий кичик бир қишлоқ ҳудудида жойлашган. қишлоқнинг ҳам, масжиднинг ҳам номи бу ерда яшаган, аҳолининг асосий машғулоти — ўтга чидамли қозон тайёрлашдан олинган.
Шуниси эътиборлики, Хожагон Сулукининг машҳур суфийларидан бири бўлмиш Шайх Мавлоно Ориф Деггароний (1313–1376) шу қишлоқда туғилган ва шу ерда дафн этилган. Бу зот Нақшбандия тариқатидаги Хожагон Сулукининг буюк намояндаси бўлмиш Баҳоуддин Нақшбанднинг устозларидан бири ҳисобланади.
Кейинроқ, ХVII асрда Деггарон қишлоғи масжиддан бир оз нарида жойлашган Ҳазора қалъасига айланган. Масжид турли техника усулида қурилган: ташқи юзаси, устунлари ва пойдеворининг бир қисми — пишиқ ғиштдан, деворлари хом ғишт ва пахсадан иборат. гумбазларининг ички қисми равоқлардан, деворга тегиб турган ёки алоҳида қад кўтарган устунлар ғиштдан бино қилинган. Марказий гумбазни кўтариб турган тўрт равоқ ғишт ва ганждан себарга шаклидаги ўзига хос безаклар билан безатилган. марказий гумбаз атрофидаги саккизта кичик гумбаз «балхи» услубидаги кичик равоқлар орқали масжиднинг ташқи деворлари ва ички устунларига таянган ҳолда қурилган. Бу жой ҳозирда қайта таъмирланиб, мажмуада музей фаолият кўрсатмоқда.

НУРОТА ЧАШМАСИ
Тарихий обидаларНурота чашмаси Яратганнинг ноёб туҳфаси бўлиб, у бир неча минг йиллар давомида она заминга оби ҳаёт, инсонлар қалбига нур бағишлаб келади.
Академик Я.Ғуломовнинг фикрича, Нур чашмасининг пайдо бўлиш тарихи бир неча минг йиллик узоқ ўтмишга бориб тақалади.
Тадқиқотчи П.Ш.Зокировнинг фикрича, у учламчи антик даврдан буён оқа бошлаган.
Чашма 20 х 30 метрли дарғот – ҳовуздан иборат бўлиб, у шимолга томон оқади. Чашма суви дастлаб иккига бўлинади ва улар «Оби роста» ҳамда «Оби чаппа» деб номланади.
«Оби роста» ўз навбатида: «Марғи қози», «Марғи хоний»; «Оби чаппа» эса: «Марғи миришкор», «Марғи миргадо» ариқлари орқали шаҳарга тарқалади. Қадимдан шаҳар аҳолиси чашма сувидан унумли фойдаланган. Қиш фаслида тўрт ариқ суви шаҳардаги тўрт ҳовузга тўпланган ва улар ҳозир сақланиб қолмаган.
Тарихий обидаларЧашма суви тоғ ичидан, тошлар орасидан сизиб ўтаркан, у ана шу тошлардаги турли хил кимёвий бирикмаларни, тоғ жинсларидаги ҳар хил элемент-ларни эритиб ўзи билан олиб келади. Минераллашган сувлар ер юзига чашма бўлиб отилиб чиқади.
Нур чашмаси Ўзбекистоннинг энг серсув чашмаларидан бўлиб, ундан бир сонияда 380-400 литр сув қайнаб чиқади.
Нур чашмаси денгиз сатҳидан 524 метр баландликда жойлашган. Чашма суви хуштаъм, ҳидсиз, рангсиз, юмшоқ, ширин бўлиб, унинг таркибида хлор, сульфат, калий, магний, кальций, кремний, карбонат, натрий каби 20 хил микроэлементлар борлиги аниқ-ланган. Ҳарорати эса ҳайратомуз: қишин – ёзин доимо +19,50С.
Академик К.З.Зокиров: «Аср-лар оша Нуротанинг донғини оламга ёйиб келаётган нарса бу унинг чашмасидир»,- деб бежиз айтмаган.
Дастлаб чашма сувини 1912 йилда рус олимлари А.Димо ва профессор Николаевлар текширган-лар ва унинг суви таркибида 8 хил шифобахш минераллар борлигини аниқлаганлар.
Рус олими Н.А.Кенесарин «Нур чашмаси таркибида бир қанча микроэлементлар ва кимёвий бирикмалар мавжуд бўлиб, бу инсон организми учун зарур бўлган шифобахш сувдир» - деб ёзган.
Тарихий обидаларНур чашмаси ва унинг атрофидаги табиий - антропоген ландшафт - ноёб қўриқхонадир. Бу ерда табиий (чашма ландшафти), биологик (шоҳбалиқлар), меъморий (масжидлар), археологик (Нур қалъаси), тарихий (нур тарихи шу ердан бошланади), тиббий (шифо-бахш сув) ёдгорликлар бетакрор-лиги, уйғунлиги билан дунёда ягонадир.
Олимларнинг фикрига кўра, Нур чашмасининг геологик ёши бир неча минг йил бўлиб, чашма атрофидаги маданий қатлам ёши эса 35-40 минг йилга тенгдир.
Нур чашмаси Ўзбекистон халқининг ардоқли гўшасидир. Унинг ғаройиблигини куриб Аллохнинг кудратига лол қолади киши. Айниқса, баҳор ойларида эрталабки қуёшнинг шаффоф нури таъсирида чашма узра пайдо бўладиган беҳисоб сержило нурлар барчани сеҳрлаб кўяди. Табиий нур таъсирида сув юзасига кўтарилган балиқлар ўзининг қувноқ рақси билан порлаб турган нурни янада ёғдулантиради.
Чашма узра товланаётган нурни ҳар куни минглаб одамлар ҳайрат билан кўришади ва ушбу сир- синоатнинг гувоҳи бўлишади. 

ҚОСИМ ШАЙХ
Тарихий обидаларМарказий Осиё тарихида алоҳида мавқега эга бўлган даврлардан бири – бу шайбонийлар ҳукмронлиги давридир. Бу давр бир аср давом этиб, шу давр тарихида чуқур из қолдирган шайбонийзодалардан бири - Абдуллахон бинни Искандархон бинни Жонибекхондир. У 1534 йилда Кармана яқинидаги Офаринкентда (ҳозирги Хатирчи тумани атрофида) туғилиб, ҳаётининг кўп қисми Кармана билан боғлиқдир. Абдуллахон ва унинг отаси Искандархон даврида Бухоро хонлиги, жумладан, унинг ажралмас қисми бўлган Кармана ҳам ривожланган, обод мавзелардан бирига айланган. ХVI асрнинг иккинчи ярмида Бухоро пойтахтга айланиб, гуллаб-яшнашида мамлакат ҳукмдори Абдуллахоннинг хизматлари салмоқли бўлган бўлса, забардаст ҳукмдорнинг харбий-сиёсий муваффақиятларида эса Карманалик машҳур суфий ҳазрат қутб ул-авлиё Қосим Шайх Азизоннинг ҳиссаси беқиёсдир. Марказий Осиё тарихидан маълумки, ҳар бир ҳукмдорнинг бир неча диний устози - пири бўлган. Бухоро ҳукмдори Абдуллахоннинг машҳур Жўйбор хўжаларидан бўлган бир неча пирларидан бири қосим Шайх Азизондир. Қосим Шайх ХVI асрнинг йирик маънавий баркамол шайхларидан эди. Жўйбор шайхлари мамлакат пойтахти Бухорода яшаганлар, Қосим Шайх эса Карманада умргузаронлик қилган. Қосим Шайх ХVI аср маънавий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб, шу давр мамлакат тасаввуфининг йирик намояндаларидан бири бўлиб, у кишининг маънавий силсиласи Хўжа Ахмад Яссавийга бориб тақалади. Қосим Шайхнинг анчагина муридлари ҳам бўлган. Масалан, Самарқанд яқинидаги Ашобод қишлоғида яшаб ўтган Хазрат Шайх Олим Азизон ва шу вилоятнинг Сайид Оҳу қишлоғидан бўлган Хазрат Пиримлар у кишининг машҳур муридларидан ҳисобланган. Абдуллахон мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир масалаларни ҳал қилишда қийналган вақтларида доимо Қосим Шайхга мурожаат қилиб турган. У киши эса шоҳга зарур маслаҳатлар бериб, мухолиф томонлар ўртасидаги турли низоларни бартараф қилишда ёрдам қилган. Масалан, Бухоро ҳукмдори шайбонийзода Абдулазизхон 1550 йилда вафот этгач, шайбонийлар сулоласининг турли вакиллари ўртасида Бухоро тахти, Кармана ва Миёнкол учун кураш бошланиб кетади. 17 ёшли Абдуллахон шу мураккаб вазиятда ўзини қўллаб-қувватлаш ва кўмак беришини сўраб Қосим Шайхга мурожаат қилади. Шайх уни дуо қилиб, кўп пайт мудофаада туришни маслаҳат беради. Шундай юришлардан бири - Кармана қўрғони учун бўлган 12 кунлик жанглардан сўнг Абдуллахон душман билан тинчлик сулҳи тузади ва қон тўкилишининг олдини олиб кўп кишини ўлимдан асраб қолади. Бу бевосита Қосим Шайх Азизон маслаҳати билан бўлади. ХVI асрнинг иккинчи ярмида Абдуллахон тасарруфидаги Шаҳрисабзга Туркистон ҳокими Бобосултон даъвогарлик қилганда, маълум ҳарбий-сиёсий вазиятни ҳисобга олиб ва ортиқча қон тўкилишининг олдини олишга уриниб, Қосим Шайх Азизон уни даъвогарга вақтинча бўлсада, топширишни хонга маслаҳат беради ва бу маслахат ҳам амалга ошади. 1569 йилда Туркистон ва Самарқанд ҳукмдорлари Дабусия ва Карманани эгаллаб, Абдуллахон қўшинлари билан курашни Ғиждувоннинг Ғишти яйловларида давом эттираётганларида Бухоро ҳукмдори Абдуллахоннинг қўли баланд келади ва унинг рақиблари Қосим Шайхга мурожаат қилиб, хон билан яраштириб қўйишни сўрайдилар. Шайх жангу жадаллардан мадори қуриган, босқинчилар жонига теккан аҳолига хайри-хоҳ бўлиб, уларни яраштириб қўяди. Қосим Шайх Азизон 1576-1577 йилларда бир-бири билан курашиб турган уч ҳукмдорни - Хоразм шоҳи Хожи Муҳаммадхонни, Қипчоқ даштидан қозоқ, Эшимхон ва Абдуллахонни Карманада бир кигиз устида ўтирғизиб, сулҳ тўзишга эришганлиги «Абдулланома»-да қайд этилган. Қосим Шайх ҳаётида бундай ҳолатлар кўп марта бўлган. Қосим Шайх Азизон халқ, манфаатларини бутун умри давомида ҳимоя қилади. У киши солиқчилар тазйиқига йўл қўймайди, мамлакат фаровонлиги, тинчлиги ва осойишталиги учун умр бўйи курашади. Хофиз Таниш ибн Муҳаммад Бухорийнинг «Абдулланома» асарида Қосим Шайх ҳақида «Ул хазратнинг кимё хосият хаёлларида бутун валият жамиятини бирлаштирмоқ, турли табақадаги халқларнинг яхши кун кечирмоғи, мамлакат ва мулкнинг осойишталиги, яхшиларга ҳиммат ва илтифот кўрсатмоқ бўлган», дейилган сўзлар бор. Қосим Шайхнинг «Радди шия» (Шиа динини рад этиш) асари борлигини ХХ асрнинг бошида яшаган немис олими, шарқшунос Брокелман эслатади. Қосим Шайхнинг асари борлигини бошқа олимлар ҳам тилга олади. Афсуски, бу асарлар тарих қаърида йўқолган. Қосим Шайх салкам 80 ёшни қаршилаб турганида, 1581 йилда вафот этади. У киши Карманада дафн этилган. 2003 йилда алломанинг таваллудига роппа-роса 500 йил тўлди. Тарихий обидаларҚосим Шайх Азизонга атаб ўша давр шоири Мушфиқий марсия ёзган. Қосим Шайх мақбарасида у киши ҳақда ёзилган тош бўлган. Абдуллахон Қосим Шайхга атаб қурдирган мақбара тошлари ҳам чор мустамлакачилари томонидан ташиб кетилган. Қосим Шайх мақбараси ёнидаги зиёратхона ичида, меҳроб ёнида катта кўк тош (оникис) бўлиб, одамлар унга сиғинганлар. Бу тош ҳам Ленинградга олиб кетилган. Қосим Шайх тўғрисидаги маълумотлар асрлардан асрларга кўчиб, бизнинг давримизгача етиб келди. Шайх тўғрисидаги маълумотлар Хофиз Таниш ал-Бухорийнинг «Абдулланома» («Шарафномайи шоҳий»), Ҳасан-хужа Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб», Хазрат Олим Шайх Азизоннинг «Маъмаот мин нафақат ул қудс», Муҳаммад Тоҳир Эшон Хоразмийнинг «Тазкират ул-авлиё» («Тазкираи Тоҳир Эшон»), Сайид Муҳаммад Носириддиннинг «Туҳфат аз-зоирин» асарларида учрайди. Мухаммад Тоҳир Эшон «Тазкира»си Қосим Шайх тўғрисида қимматли маълумотларни берибгина қолмай, шайх маънавий силсиласи давомчилари, яъни халифалари ҳақида ҳам сўз юритади. Ушбу меъморчилик мажмуига Қосим Шайх ҳонақоси, даҳма зиёратхона ва Бухоро Амири Абдуллахон қабри киради. Абдуллахон даврида бунёд этилган Қосим Шайх хонақосининг шарқий томонида Қосим Шайх сағанаси бор. Сағана ўрни тахминан 5-6 метр атрофида бўлиб пишиқ ғишт билан терилиб чиқилган, баландлиги 1,5 - 2 метр. Динга қарши кураш таъсирида сағана чўкиб, хароба ҳолига келтирилган, бироқ Қуръони Карим оятлари ёзилган мармартош бўлаклари ҳозиргача сақланган. Ҳонақоҳ тахминан 15-20 йил ичида қуруб битказилган. Ҳонақоҳ уч томонининг ташқи кўриниши кунгурадор қилиб безатилган қурилмадан ясалган. Ҳонақоҳ катта гумбазли масжид ҳамда ўнта бир - бирига туташ бўлган ҳужралар ва айвондан иборат. Ҳонақоҳ гумбазининг баландлиги 14 метрдан иборат. Қосим Шайх ҳонақосининг шарқий томонида Қосим Шайх сағанаси бор. Сағана мармар тошлар билан ва "Абдуллахон ғишти" деб аталувчи тошлар билан терилиб чиқилиб айрим жойлари Қуръони Карим оятлари билан ёзилган мармар тошлар билан қопланган. Ҳозир бу тошларнинг баъзилари сақланиб қолган. 1910-1911 йилларда Бухоро амири Олимхон отаси Амир Абдулахатхоннинг қабрини Қосим Шайх даҳмаси ёнига унга монанд қилиб қурдирган. Иккинчи ҳонақоҳ Қосим Шайх ҳонақоҳидан 300 йил кейинроқ қурилган бўлсада яхлит бир-бирига монанд улкан бир ёдгорлик мажмуаси ташкил қилинган.

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Навоий вилояти   |   admin  |    

Мавзуга доир ўхшаш мақолалар